Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Кейинги кун туш пайтида улар йўлда давом этиб, шаҳарга яқинлашганларида, Бутрус ибодат қилгани томга чиққан эди. У очқаб, бирон нарса тановул қилгиси келди. Овқат тайёрланаётганда, Бутрусга ваҳий келди. У осмон очилганини, катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда ерга тушиб келаётганини кўрди. Унинг ичида турли ҳайвонлар, судралиб юрувчилар ва қушлар бор эди. Шу пайт у: “Ўрнингдан тур, Бутрус, сўйиб егин” деган овозни эшитди. Аммо Бутрус деди: — Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарсаларни емаганман! Ўша овоз яна Бутрусга: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен ҳаром демагин”, дея гапирди. Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхон бирдан осмонга олинди. Бутрус, бу ваҳийнинг маъноси нима экан, деб эсанкираб турганда, Корнилий юборган одамлар келиб қолдилар. Улар кўнчи Шимўннинг уйи қаердалигини билиб олиб, дарвоза олдида турган эдилар. Улар баланд овоз билан: — Бутрус деган меҳмон шу ердами? — деб сўрадилар. Бутрус ҳали ҳам ваҳий ҳақида ўйлаб ўтирган эди. Шунда Муқаддас Руҳ унга деди: — Қара, учта одам сени излаб келди. Энди ўрнингдан тур, пастга туш, ҳеч иккиланмай улар билан бирга бор. Уларни Мен жўнатганман. Шундай қилиб, Бутрус пастга тушиб, уларга деди: — Сизлар излаётган одам менман. Нима сабабдан келдингизлар? — Бизни Рим юзбошиси Корнилий жўнатди, — деб жавоб берди улар. — У солиҳ, Худодан қўрқадиган одам, бутун яҳудий халқи орасида катта обрўга эга. Худонинг фариштаси унга: “Бутрусни уйингга таклиф қил, унинг айтганларини эшитгин”, деб айтибди. Шундан кейин Бутрус уларни ичкарига таклиф этиб, меҳмон қилди. Кейинги куни Бутрус улар билан бирга йўлга отланди. Яффалик баъзи имонлилар Бутрус билан бирга кетдилар. Эртаси куни улар Қайсарияга кириб келдилар. Корнилий уларни кутаётган эди. У қариндошлари ва яқин дўстларини таклиф қилган эди. Бутрус уйга кириб, Корнилийга рўпара келди. Шунда Корнилий Бутруснинг оёқларига бош уриб, унга таъзим қилди. Аммо Бутрус унга: — Ўрнингдан тур, мен ҳам бир бандаман, — деб уни турғизиб қўйди. Бутрус у билан гаплашаркан, ичкарига кирди ва у ерда бир талай одам тўпланганини кўрди. Бутрус уларга шундай деди: — Ўзларингиз биласизларки, яҳудий одам бошқа халқдан бўлган одам билан алоқа боғлаши, уникига бориши қонунимизга хилофдир. Аммо Худо энди менга ҳеч бир кимсани ҳаром ёки нопок деб ҳисобламасликни аён қилди. Шунинг учун менга одам юборганларингизда, ҳеч қандай эътироз билдирмай келдим. Энди билсам бўладими, нима учун мени чақиртирдингизлар? Корнилий шундай жавоб берди: — Тўрт кун илгари худди шу пайтда — соат учларда уйимда ибодат қилаётган эдим. Бирдан рўпарамда оппоқ кийим кийган бир одам пайдо бўлди. У менга шундай деди: “Корнилий, сенинг ибодатинг Худога етиб борди, хайр–садақаларингни У маъқул кўрди. Энди Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни чақиртириб кел. У Шимўн исмли кўнчининг уйида меҳмон бўлиб турибди. Шимўннинг уйи денгиз бўйида.” Шунинг учун дарҳол сизга одам юбордим, сиз ҳам олижаноблик қилиб, келдингиз. Эгамиз сизга айтишни буюрган ҳамма нарсани эшитиш учун энди ҳаммамиз Худонинг ҳузурида тўпландик. Бутрус уларга гапира бошлади: — Ҳақиқатан ҳам, Худо тарафкашлик қилмаслигини биламан. Ҳар бир элатда Худодан қўрқадиган ва тўғри ишларни қиладиган ҳар бир одам Унга маъқулдир. У Исроил халқига юборган хабарни биласизлар. Тинчлик келтирадиган бу Хушхабарни Худо Исо Масиҳ орқали эълон қилди. Исо Масиҳ ҳамманинг Раббийсидир. Яҳудия бўйлаб нималар юз берганини биласизлар. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси Яҳёнинг чўмдирилиш тўғрисидаги хабаридан кейин Жалила ҳудудида бошланган эди. Худо Носиралик Исони Муқаддас Руҳ ва куч–қудрат билан қандай тўлдирганини биласизлар. Исо ҳамма ёққа бориб, яхши ишлар қилди, иблиснинг ҳукмронлигидан азоб чекканларни шифолади, чунки Худо У билан эди. У Яҳудия ва Қуддусда қилган ишларнинг ҳаммасига биз гувоҳмиз. Шундан кейин Исони ёғочга михлаб, ўлдирдилар. Аммо Худо Уни учинчи куни тирилтириб, зоҳир қилди. Исо ҳаммага эмас, фақат бизга зоҳир бўлди. Чунки Худо бизни Исо ҳақида гувоҳлик беришимиз учун танлаганди. Исо тирилгандан кейин биз У билан еб–ичдик. У бизга: “Халқларга ваъз қилиб, гувоҳлик беринглар. Ўликлар ва тирикларни ҳукм қилиш учун Худо Мени тайинлаганини уларга айтинглар”, — деб буюрди. Барча пайғамбарлар ҳам Исо тўғрисида гувоҳлик берган эдилар. Исога ишонган ҳар бир одамнинг гуноҳлари Унинг номи туфайли кечирилади, деб айтган эдилар. Бутрус ҳамон гапирар экан, унинг сўзларини эшитаётганларни Муқаддас Руҳ қамраб олди. Худо ғайрияҳудийларга ҳам Муқаддас Руҳни инъом қилиб берганини Бутрус билан бирга келган яҳудий имонлилар кўриб ҳайратда қолдилар. Чунки ғайрияҳудийлар бошқа тилларда гаплашаётганини ва Худони улуғлаётганларини улар эшитиб турардилар. Шунда Бутрус деди: — Бу одамлар, худди биз сингари, Муқаддас Руҳни қабул қилдилар. Шундай экан, уларнинг сувга чўмдирилишига ким тўсқинлик қила олади?! Шундай қилиб, Бутрус уларга, Исо Масиҳ номи билан сувга чўминглар, деб буйруқ берди. Сўнг улар Бутрусдан бир неча кун қолишини илтимос қилдилар.
Выбор основного перевода